Хизматни кўрсатишнинг ҳуқуқий асоси нима?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги 354-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентнинг 9-банди “д” кичик банди ва 30-банди.
Хизматни кўрсатишнинг муддати қанча?
Бир иш куни ичида мурожаат ўрганилиб, дастлабки баҳолаш ўтказилади ва ҳужжатларни тиклаш бўйича якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастурига тегишли чоралар киритилади.
Ҳужжатлар тиклангунга қадар болаларнинг боғча ёки мактабга бориши тўхтаб қоладими?
Йўқ, тўхтамайди. Ҳужжатлар тиклангунга қадар ҳам ваколатли органларнинг йўлланмаси ёки далолатномаси асосида вояга етмаган фарзандлар яқин атрофдаги мактаб ёки боғчага вақтинчалик мажбурий жойлаштирилади.
Агар ҳужжатлар бошқа туман ёки вилоятдан олинган бўлса, аёл ўша ерга бориши шартми?
Йўқ, шарт эмас. “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимининг ФҲДЁ ва ИИБ базалари билан интеграцияси туфайли марказ ходимлари керакли маълумотларни электрон сўров орқали ўзи турган жойдан туриб олади.
Хизмат доирасида қандай амалий ёрдам кўрсатилади?
• Марказнинг ҳуқуқшунослари ва ижтимоий ходимлари тегишли давлат идораларига (ДХМ, ФҲДЁ, ИИБ) сўровномалар тайёрлайди ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида аёлга ҳамроҳлик қилади.
• Агар аёл бошпанада (шелтерда) яшаётган бўлса, ҳужжатларни шелтернинг ўзига олиб келиб топширишга кўмаклашилади.
Қандай ҳужжатлар ва маълумотлар талаб этилади?
Аризачи марказга мурожаат қилганда қуйидаги маълумотларни тақдим этади:
• Хизматдан фойдаланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
• Туғилган йили, санаси ва манзили.
Эслатма: Агар шахсий ҳужжатлар зўравонлик содир этган шахс томонидан олиб қўйилган ёки йўқотилган бўлса, уларни қайта тиклаш учун фуқародан ҳеч қандай қўшимча қоғозбозлик ёки маълумотнома (справка) талаб этилмайди.
Хизматдан кимлар фойдаланиши мумкин? (Жисмоний шахслар)
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари.
Хизматдан қандай фойдаланиш мумкин?
• Ўз ҳудудингиздаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиш орқали;
• Ўз маҳаллангизда фаолият кўрсатувчи ижтимоий ходимга мурожаат қилиш орқали.