Янгиликлар саҳифасига қайтиш

1 июндан ихтиёрий ижтимоий суғурта бадалларини Барака иловаси орқали тўлаш имкони пайдо бўлди

08.06.2026

Агар сиз расмий иш жойига эга бўлмасангиз, ҳомиладорлик ёки касал бўлганда сизга нафақа пули берилади. Бунинг учун ижтимоий ихтиёрий суғурта бадалларини тўлаб юрган бўлишингиз керак. Бундан ташқари, қонунчиликда келтирилган айрим шартларга тўғри келишингиз ҳам керак. Бу шартлар қандай экани ва бадалларни тўлаш тартиби ҳақида ушбу мақола орқали билиб олишингиз мумкин.

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилди. Бу фуқароларни касаллик, ҳомиладорлик, ишсизлик каби оғир ҳаётий вазиятларда даромадсиз қолиб кетишдан ҳимоялайди. Янги тизим доирасида нафақалар эндиликда иш берувчи ҳисобидан эмас, балки Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади. Бу эса давлат ва хусусий секторда ишловчи барча фуқаролар учун тенг ижтимоий кафолатлар яратилишини англатади.

 3 хил турдаги суғуртадан фойдалана оласиз

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-206-сон Фармонига мувофиқ, қуйидаги нафақалар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланиши белгиланмоқда:

2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси — аёлларнинг туғруққача ва туғруқдан кейинги даври учун тўланади;

 2026 йил 1 июлдан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси — ходимларнинг касаллиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун тўланади; — ходимларнинг касаллиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун тўланади;

2030 йилдан ишдан бўшатиш нафақаси — ходим ишдан бўшатилганлиги учун тўланади.

Кимлар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқига эга?

  1. Давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий асосда қамраб олинган, суғурта стажига эга барча шахслар:

  • иш берувчи билан расмий меҳнат шартномаси асосида ишлаётганлар;
  • фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (ФҲҚ) асосида хизмат кўрсатаётган (иш бажараётган) шахслар;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа расмий фаолият билан банд бўлганлар.
  1. Давлат ижтимоий суғуртаси билан ихтиёрий асосда суғурталанадиган шахслар:
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар;
  • деҳқон хўжалигида банд бўлган шахслар;
  • шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган ташкилотларда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • чет элда ёлланиб ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида
  • даромад келтирадиган фаолиятни амалга оширадиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • ишламайдиган фуқаролар, улар учун суғурта бадали эри (хотини) томонидан тўланганда;
  • юридик шахсларнинг муассислари (иштирокчилари) сифатида даромадлар оладиган фуқаролар;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар, шу жумладан “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари бўлган
  • ҳунармандчилик фаолияти субъектлари;
  • фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширадиган оила аъзолари;
  • деҳқон хўжалигининг бошлиғи.

Суғурта нафақаси олиш учун минимал стаж талаблари қандай?

  • Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун камида 10 ой суғурта стажи (охирги 6 ой узлуксиз);
  • Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси учун камида 6 ой суғурта стажи талаб этилади.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси учун алоҳида бадал тўланадими?

Йўқ, тўланган суғурта бадали иккаласи учун ҳам инобатга олинади. Яъни сиз битта бадал тўлайсиз ва у бадал сизни ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, ҳам вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш ҳуқуқини беради.

Ихтиёрий суғуртада минимал ойлик бадал — 63 550 сўмдан (МҲТЕК нинг 5%) исталганча кўпроқ тўлаш мумкин, юқори чегара белгиланмаган.

1 июндан ихтиёрий ижтимоий суғурта бадалини Барака иловаси орқали тўлашингиз мумкин. Пул тўғридан-тўғри сизнинг Барака ижтимоий картангизга ёки банк картангизга тушади.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик учун тўланадиган ихтиёрий бадал қанча муддат давомида тўлаб борилади?

Суғурта нафақалари фуқароларнинг суғурта стажидан келиб чиқиб тайинланади. Ихтиёрий суғурта бадалини кўроқ ва доимий, узоқ муддат тўлаган фуқарога суғурта стажига мутаносиб равишда нафақа ҳам кўпроқ тайинланади. Шу билан бирга ихтиёрий асосда суғурталанган шахсларга ҳомиладорлик  ва туғиш нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тайинланади.

Агар фуқаро ихтиёрий асосда суғурта тўлаган бўлса, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун ҳисобланадиган нафақа миқдори, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик учун тўланадиган нафақадан қандай фарқ қилади?

Ихтиёрий асосда суғурталанган шахслар учун иккала нафақанинг ҳисоблаш методикаси таътил кунлари ва ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб бир хил:

– ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача тўланади.

– вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик учун нафақа вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида белгиланган ишдан озод этилган кунлардан (таътил кунлари) келиб чиқиб ҳисобланади, бироқ бир календарь йилда 182 кундан ошмайди.

Расмий иш жойига эга бўлмаган қайси тоифалар касал бўлганда нафақа олиши мумкин?

Агар ихтиёрий суғурта бадали ишламайдиган эри (хотини) ва юридик шахсларнинг муассислари (иштирокчилари) сифатида даромадлар оладиган фуқаролар учун тўланганда, улар санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларида ётганда 2026 йил 1 июлдан уларга ҳам нафақа берилиши мумкин.

Фақат қуйидаги 2 та ҳолатда нафақа олишлари мумкин:

  • Шифокор тавсияси билан санаторий ва соғломлаштириш масканларида даволанганида;
  • Протез (ясама аъзо) қўйдириш учун махсус реабилитация марказларига ётганда.

 

Ихтиёрий суғурта бадали тўлаган фуқаро касал бўлса, қанча муддат давомида жамағармадан пул олиши мумкин?

Ихтиёрий асосда суғурталанган шахс (иш берувчиси йўқ бўлса), касалликнинг дастлабки 5 куни учун ҳақ тўланмайди — 6-кундан бошлаб нафақа берилади.

Нафақа касал бўлган кунлар давомида тўланади — яъни қанча кунга касаллик варақаси берилса, шунча кун учун (биринчи 5 кунни ҳисобга олмаган ҳолда) суғурта стажидан келиб чиқиб:

 

  • Суғурта стажи 6 ойдан 8 йилгача бўлганда → ўртача иш ҳақининг 60%
  • Суғурта стажи 8 йилдан ортиқ бўлганда ўртача иш ҳақининг 80% миқдорида тўланади.

Ихтиёрий суғурта бадали тўлаган фуқарога қанча миқдорда нафақа берилади?

 Давлат ижтимоий суғуртаси билан ихтиёрий асосда суғурталанган шахслар учун ихтиёрий тарзда ҳар ойда тўланган суғурта бадалларини ойлик иш ҳақига айлантирган ҳолда ҳисобланади. Бунда ушбу кичик бандга мувофиқ бир ойлик иш ҳақи миқдори 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар ой тўланган суғурта бадали суммасини, уни тўлаш даврида амалда бўлган суғурта бадали ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 фоизга кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Мисол: суғурталанган шахс ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ихтиёрий равишда 2026 йил январь учун Жамғармага бир юз эллик минг сўм миқдорда суғурта бадали тўлади. Ушбу фуқарога нафақа ҳисоблашда унинг 2026 йил январь учун 3 000 000 сўм миқдорда иш ҳақи аниқланади:

Бир ойлик иш ҳақи миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

Тўланган суғурта бадали (бир юз эллик минг) ÷ суғурта бадали ставкаси (2026 йил учун суғурта бадали ставкаси — 5 фоиз) × 100%= 3 000 000 сўм.

Аниқланган бир ойлик иш ҳақи миқдори нафақа ҳисобланаётган суғурталанган шахсга ўртача бир ойлик иш ҳақи сифатида инобатга олинади.


Барака иловасини юклаб олиб ва ихтиёрий ижтимоий суғурта учун бадал тўланг. Ўзингизни ижтимоий ҳимояланг.

Иловани юклаб олиш.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш тартиби ва тўлов ҳақида бу ерда батафсил танишишингиз мумкин.