Welfare Tag: Кафолат

Ҳисобга олинган мулклар мониторинг қилинадими?

Ҳа, ижтимоий ходим ҳар йили камида бир марта боланинг мулки бут сақланаётганини текширади ва натижасини “Ижтимоий ҳимоя” АТга киритади.

Мулкни тасарруф этишда нотариуснинг роли нима?

Нотариус болага тегишли мулк бўйича битимни фақат “Инсон” марказининг тизим орқали юборган бир иш куни ичидаги ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина тасдиқлайди.

Қандай ҳолда мулкни сотишга рухсат берилади?

Фақатгина боланинг манфаатларига хизмат қилса (масалан, боланинг даволаниши учун зарур бўлса ёки кичик уйни сотиб, унинг номига каттароқ уй олинганда).

Васий боланинг мулкини (масалан, уйини) сота оладими?

Йўқ, васий боланинг мулкини ўз хоҳишича сота олмайди. Ҳар қандай битим учун “Инсон” марказининг ёзма рухсати (хулосаси) талаб этилади.

Боланинг мулки ҳақидаги маълумотлар қаердан олинади?

“Инсон” маркази ижтимоий ходими Кадастр, ЙҲХББ (ГАИ), банклар ва бошқа идораларнинг базалари орқали автоматик равишда маълумотларни олади (2-илова, 21-банд).

Моль-мулкни ҳисобга олиш муддати қанча?

Бола ижтимоий ҳимояга муҳтож (етим ёки қарамоғсиз) деб аниқланган кундан бошлаб бир иш куни давомида унинг барча мулклари тизимда ҳисобга олинади.

Ушбу хизматнинг ҳуқуқий асоси нима?

Ўзбекистон Республикаси ВМҚ-893 (1-илова, 6-банд “ж” ва “л” кичик бандлари).

Хизмат учун ҳақ тўланадими?

“Инсон” маркази томонидан эмансипация бўйича қарор чиқариш ва хулоса бериш хизмати бепул амалга оширилади.

Никоҳга кирганлар ҳам эмансипация қилинадими?

Қонунга кўра, 18 ёшга тўлмасдан қонуний никоҳга кирган шахслар никоҳ қайд этилган вақтдан бошлаб автоматик равишда тўла муомалага лаёқатли ҳисобланади.

Эмансипация қилинган шахснинг мажбуриятлари ўзгарадими?

Ҳа, у ўзининг мажбуриятлари (масалан, етказилган зарар ёки қарзлар) бўйича мустақил жавобгар бўлади. Ота-оналар энди унинг ҳаракатлари учун жавоб бермайди.