Агар қарздорлик суммаси жуда катта бўлса-чи?
Бундай ҳолда ёрдам миқдори Жамғарма имкониятидан келиб чиқиб қисман қопланиши ёки тўлов босқичма-босқич (кейинги ойларга бўлиб) амалга оширилиши мумкин (18-банд).
Мурожаат рад этилиши мумкинми?
Ҳа. Агар оилада меҳнатга лаёқатли, аммо асоссиз ишламаётган шахслар бўлса ёки оила бошқа манбалардан ёрдам олган бўлса, "Маҳалла еттилиги" рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин (18-19-бандлар).
Қарздорликни қоплаш учун қандай ҳужжат керак?
Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотдан олинган қарздорлик мавжудлиги ҳақидаги маълумотнома (инвойис) ижтимоий ходимга тақдим этилиши лозим.
Ёрдам миқдори қанча бўлиши мумкин?
Қарздорлик миқдори ва оиланинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳалла учун ажратилган ойлик лимит доирасида "Маҳалла еттилиги" томонидан белгиланади (18-банд).
Қарздорлик учун пул фуқаронинг ўзига бериладими?
Йўқ. Маблағлар нақд пулсиз шаклда, тўғридан-тўғри коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг (Ҳудудий электр тармоқлари, Ҳудудгазтаъминот ва ҳ.к.) ҳисобварағига ўтказилади (21-банд).
Кимлар коммунал қарздорлигини ёптириш ҳуқуқига эга?
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар
Қарздорликни қоплаш муддати қанча?
Мурожаат тушган кундан бошлаб, ижтимоий ходим томонидан ўрганиш ва "Маҳалла еттилиги" томонидан якуний қарор қабул қилиниши 10 иш куни ичида амалга оширилади.
Ушбу ёрдам тури Низомда қандай белгиланган?
Низомнинг 13-бандига кўра, Жамғарма маблағлари Ҳукумат ёки Агентлик қарорларига биноан рўйхатда кўрсатилмаган бошқа ижтимоий мақсадларга, шу жумладан йиғилиб қолган коммунал қарздорликларни ёпишга йўналтирилиши мумкин.
Ушбу ёрдамнинг ҳуқуқий асоси нима?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 313-сон қарори.