Welfare Category: Тайинланган ижтимоий тўловлардан фойдаланишга рухсатнома

Ҳар бир харажат учун алоҳида рухсатнома керакми?

Одатда, муайян муддатга (масалан, бир йилга) боланинг кундалик эҳтиёжлари учун ойлик тўловларни олишга умумий рухсатнома берилади. Йирик харидлар учун эса алоҳида рухсатнома талаб этилиши мумкин.

Рухсатномасиз пулларни ишлатишнинг оқибати нима?

Агар васий маблағларни боланинг манфаатларига зид сарф кўрса, васийлик органи рухсатнома беришни рад этади ва васийни вазифасидан озод этиш масаласини кўради (1-илова).

Рухсатнома қандай шаклда берилади?

2025 йил 1 февралдан бошлаб рухсатнома қоғоз кўринишида эмас, балки “Ижтимоий ҳимоя” АТ орқали рақамли шаклда шакллантирилади ва банкларга юборилади.

Рухсатнома олиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ёки ЙИДХП (my.gov.uz) орқали онлайн мурожаат қилинади.

Нега васий бу пулларни ўз хоҳишича ишлата олмайди?

Боланинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун. Васий пулларни фақат боланинг таъминоти, таълими ва соғлиғи учун сарфлашга мажбур (4-илова).

Ижтимоий тўловлар деганда нималар тушунилади?

Болага тайинланган пенсия, нафақа, алимент ҳамда унинг мулкидан келадиган даромадлар (масалан, ижара ҳақининг болага тегишли қисми).

Рухсатнома бериш муддати қанча?

Васий ёки ҳомий мурожаат қилганидан сўнг, боланинг эҳтиёжлари ўрганилиб, рухсатнома бир иш куни давомида электрон шаклда расмийлаштирилади.

Ушбу хизматнинг ҳуқуқий асоси нима?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори (1-илова, 6-банд “д” кичик банди).