Welfare Category: Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар

Ўз ҳудудидаги марказда жой бўлмаса нима қилинади?

Агар аёлнинг яшаш жойидаги марказда бўш ўрин бўлмаса, унга яқин бўлган ҳудуддаги ёки ўз хоҳишига кўра бошқа ҳудуддаги реабилитация марказига (ёки ННТ марказларига) жойлаштирилади. Бошқа вилоятга бориш йўл харажатлари марказ томонидан қопланади (24, 34-бандлар).

Қайси ҳолларда марказга жойлаштириш рад этилади?

• Аёл киши ўз хоҳиши билан жойлашишга розилик билдирмаганда ёки ҳимоя ордери олишни рад этганда;

• Тиббий кўрикда бошқаларга юқадиган ўткир юқумли, оғир руҳий ёки фаол босқичдаги сил касалликлари аниқланганда (бунда аввал шифохонада даволатилади) (26-банд).

Марказда аёллар нималар билан таъминланади?

Бепул бошпана (ётоқ жойи), озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланади. Шунингдек, комплекс психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилади (6, 30-бандлар).

Марказда (шелтерда) қанча муддатгача яшаш мумкин?

Якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастурига мувофиф 6 ой муддатгача вақтинча яшаш (бошпана) таъминланади (6-банд).

Марказга (шелтерга) жойлашиш учун асосий шарт нима?

Муҳим шарт: Ҳудудий реабилитация марказларига чуқурлаштирилган ёрдам учун жойлаштиришда аёлга ҳимоя ордери расмийлаштирилган бўлиши лозим (18-банд).

Хизматдан кимлар фойдаланиши мумкин? (Жисмоний шахслар)

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ўз жонига суиқасд қилган ёки шунга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари.

Хизматдан қандай фойдаланиш мумкин ва у қаерда жойлашган?

Аризангиз ва розилигингиз асосида “Инсон” марказлари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари ҳамкорлигида амалга оширилади. Ички ишлар органлари хизмат кўрсатиш белгиланган куни аёлни ва унинг болаларини марказга ўзи олиб бориб жойлаштиради (27-банд).

Хизматни кўрсатишнинг ҳуқуқий асоси нима?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги 354-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентнинг 4-боб, 30-банди.

Хизматни кўрсатишнинг муддати қанча?

Аёл ва унинг фарзандлари ҳудудий марказга келган кундан бошлаб, 5 иш куни ичида тузиладиган якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастури доирасида зудлик билан ташкил этилади.

Болаларнинг ҳужжатлари йўқ бўлса ҳам мактаб ёки боғчага қабул қилинадими?

Ҳа, қабул қилинади. Ҳужжатлар тикланаётган даврда ҳам ваколатли органларнинг (Инсон маркази ёки профилактика инспектори) йўлланмаси ва далолатномаси асосида болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи тўхтатилмайди.