Янгиликлар саҳифасига қайтиш

Ижтимоий ID нима ва у сизга қандай қулайликлар беради?

26.02.2026

Ижтимоий ID бу –  сизнинг ижтимоий хизматлар тизимидаги ягона рақамли идентификаторингиз.

У орқали давлат ахборот тизимларида шахсингиз аниқланади ва сизга тегишли ижтимоий хизматлар, тўловлар ва имтиёзлар бошқарилади. Содда қилиб айтганда, Ижтимоий ИД – ижтимоий хизматлар учун яратилган шахсий рақамли профилингиз.

Baraka иловасидаги Ижтимоий ID қандай вазифани бажаради?

Иловадаги барча ижтимоий маълумотларингиз айнан шу ID орқали бошқарилади.

Фойдаланувчини тизимда аниқ идентификация қилади
Ижтимоий ID орқали тизим сизни автоматик равишда таниб олади. Бу жараёнда қўшимча ҳужжат ёки маълумот киритиш талаб қилинмайди.

Мавжуд ижтимоий тўлов ва имтиёзларни кўрсатади
Сиз қайси нафақа, хизмат ёки бошқа ижтимоий ёрдам турига эга эканингиз Ижтимоий ID асосида тизимда акс этади. Бу маълумотлар ягона профилга боғланган бўлади.

Ижтимоий хизматлардан тез ва қулай фойдаланиш имконини беради
Ижтимоий ID барча хизматларни ягона тизимга бириктиради. Натижада ортиқча қоғозбозликсиз, навбат кутмасдан ва маълумотларни қайта-қайта тақдим этмасдан хизмат олиш мумкин бўлади.

Тўловларни кузатиш ва бошқаришни соддалаштиради
Илова орқали сизга тайинланган ижтимоий тўловларни кўриш, уларнинг тушум санасини кузатиш ва ҳолатини назорат қилиш имконияти яратилади.

Ижтимоий ID қаерларда қўлланилади?

Ижтимоий ID турли давлат ва молиявий тизимларда фуқаронинг шахсини аниқлаш ҳамда унга тегишли ижтимоий хизматларни бошқариш учун қўлланилади.

Ижтимоий ҳимоя органларида
Фуқарога тегишли ижтимоий ёрдам турлари, имтиёзлар ва рўйхатга олиш жараёнлари Ижтимоий ID орқали аниқланади. Бу маълумотларни тез топиш ва текшириш имконини беради.

Нафақа ва субсидияларни расмийлаштиришда
Пенсия, болалар нафақаси, моддий ёрдам ёки субсидия ажратишда фуқаронинг ҳуқуқи ва мақоми Ижтимоий ID асосида текширилади. Бу жараённи соддалаштиради ва хатоликлар эҳтимолини камайтиради.

Банк жараёнларида (ижтимоий карта билан боғлиқ операцияларда)
Ижтимоий тўловлар тушадиган карта билан боғлиқ масалаларда шахсни тезкор идентификация қилиш Ижтимоий ID орқали амалга оширилади. Натижада банк хизматлари тезроқ кўрсатилади.

Рақамли давлат хизматлари тизимларида
Онлайн платформалар орқали ариза топшириш, маълумотларни текшириш ёки ижтимоий хизматларга мурожаат қилишда Ижтимоий ИД ягона идентификатор сифатида ишлайди.

Ижтимоий ID фуқарога қандай афзаллик беради?

Ижтимоий ID фуқаро учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш жараёнини анча соддалаштиради ва тезлаштиради. Яъни Ижтимоий ID орқали тизим шахсни автоматик аниқлайди. Кўплаб ҳолатларда қўшимча ҳужжат тақдим этиш ёки маълумотларни қайта киритиш талаб қилинмайди. Бу вақтни тежайди.

Маълумотлар ягона тизимда сақлангани сабабли турли ташкилотларга бир хил ҳужжатларни бир неча бор топшириш зарурати камаяди.

Фуқаро ўзига тайинланган нафақа, субсидия ёки бошқа ижтимоий тўловлар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади. Қайси тўлов қачон ва қандай миқдорда ажратилгани очиқ кўринади.

Ижтимоий ID барча ижтимоий хизматларни ягона профилга боғлайди. Натижада хизмат олиш жараёни тезлашади ва навбатлар камаяди.

Фуқаронинг ижтимоий маълумотлари турли базаларда тарқоқ ҳолда эмас, балки ягона тизимда жамланади. Бу маълумотларнинг аниқлиги ва долзарблигини таъминлайди.

Baraka картаси орқасидаги ҚР-код нима?

Baraka ижтимоий картаси орқасидаги QR-код — бу Ижтимоий ID билан боғланган идентификация коди.

QR-код сканер қилинганда:

  • Фойдаланувчининг ягона ижтимоий профили тизимда автоматик аниқланади
  • Тегишли хизмат ёки тўлов маълумотлари тезкор очилади

Муҳим: ушбу QR-код тўлов учун мўлжалланмаган. У фақат идентификация мақсадида ишлатилади.

Ижтмоий ҚР коддан қаерларда фойдаланиш мумкин?

Барака картасидаги ижтимоий QR-код қуйидаги жойларда ва ҳолатларда ишлатилади:

1. Ижтимоий хизмат кўрсатиш марказларида

QR-код сканер қилинади ва тизим сизнинг профилингизни аниқлайди, шунда ходимлар сизга тегишли хизматларни тезроқ тақдим этади.

2. Ваколатли давлат ходимлари томонидан

Фақат рухсатли ходимлар QR-кодни ишлатади, одатий фойдаланувчи бу кодни тўлов ёки бошқа шахсий мақсадларда ишлата олмайди.

3. Банк жараёнларида (карта билан боғлиқ масалаларда)

Ижтимоий карта билан боғлиқ хизматлар, нафақа ёки субсидияларни олишда QR-код орқали тез идентификация қилинади.

4. Ижтимоий хизматларни текширишда

Хизмат сифатини назорат қилиш ёки фойдаланувчининг маълумотларини текширишда QR-код ишлатилади.

Муҳим: QR-код очиқ тўлов QR’и эмас, у фақат махсус тизим орқали ваколатли ходимлар томонидан идентификация мақсадида ишлатилади.