Энди декрет пуллари Baraka ижтимоий картангизга тушириб берилади
16.01.2026
Энди декрет пуллари Baraka ижтимоий картангизга тушириб берилади
Олдин ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси(декрет пули) фақат бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга давлат томонидан тўланар эди. Ҳозир бу имкониятдан хусусий секторда ишлайдиган аёллар ҳам фойдалана олади.
2026 йил 1 январдан киритилган ўзгартиришлар
Илгари декрет пулларини корхона (иш берувчи) ҳисоблаб, ўз ёнидан тўлар эди. Бу эса кўпинча тадбиркорлар учун ортиқча юк ёки аёлларни ишга олишда тўсиқ бўлиб келаётган эди.
Бу тизим 2026 йилдан бошлаб қуйидаги ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда:
- Меҳнат кодекси (404-модда);
- «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун;
- Вазирлар Маҳкамасининг 796-сонли қарори.
Кимлар нафақа олиш ҳуқиқига эга?
Қуйидаги аёллар камида 10 ой суғурта стажига эга бўлган тақдирда, декрет пули тўланади:
- Расмий меҳнат шартномаси асосида ишловчи аёллар;
- Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишловчи аёллар;
- Ихтиёрий равишда давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаб келаётган аёллар.
Декрет пулингизни олиш осонлашди
Декрет пулини олиш учун мурожаат қилиш жуда оддий. Ҳомиладорлик даврида аёл ўзи рўйхатда турган поликлиникага боради. Шифокор кўригидан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон тизимида «меҳнатга лаёқатсизлик варақаси» (болничний) очилади. Бунда ҳеч қандай қоғоз варақча берилмайди, ҳаммаси рақамли бўлади.
Декрет пули қандай ҳисобланади?
Ижтимоий суғурта жамғармаси тизими аёлнинг иш стажини текширади ва тегишли фоизни аниқлаб, автоматик нафақа миқдорини ҳисоблайди. Бунинг учун аёлдан ҳеч қандай ариза талаб этилмайди. Нафақа миқдори аёлнинг неча ой ёки йил суғурта стажига (иш стажига) эга эканлигига қараб ҳисобланади. Агентлик тизими аёлнинг иш стажини текширади ва тегишли фоизни (75%, 85% ёки 100%) қўллаб, нафақа миқдорини ҳисоблайди. Бунинг учун аёлдан ҳеч қандай ариза талаб этилмайди.
Нафақа миқдори аёлнинг неча ой ёки йил суғурта стажига (иш стажига) эга эканлигига қараб ҳисобланади. Суғурта стажига кўра, нафақа миқдори қуйидагича тўланади:
10 ойдан 24 ойгача — 75 %
25 ойдан 60 ойгача — 85 %
61 ойдан ортиқ — 100 %.
Декрет пули қайси картага туширилади?
Ҳисобланган маблағ аёлнинг Baraka картасига автоматик тушириб берилади.
Baraka картаси бўлмаса аёлнинг мавжуд пластик (HUMO, УЗКАРД) картасига туширилади.
Baraka картаси бўлмаган ҳолларда, фуқарога автоматик равишда виртуал Baraka картаси очилиши ва пул шунга ўтказилиши ҳам мумкин. Бу ҳақида аёлга смс хабарнома боради. Аёл фақат Baraka иловасини юклаб олиб, рўйхатдан ўтиши кифоя.
Маълумот учун, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси — аёлларга 126 кун( туғиш қийин кечган ёки 2 ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда эса 140 кун) — туғруққача (одатда 70 кун) ва туғруқдан кейинги тикланиш вақти (одатда 56 кун) учун бериладиган пул, яъни декрет пули. У яхлит ҳисобланиб, биттада тўлаб берилади.