Category: Тадбирлар

“Ижтимоий карта” қандай тизим?

Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги(ИҲМА) таркибида “Ижтимоий карта” тизими жорий этиляпти. Бу тизим орқали фуқаролар давлат ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиши қулайлашади, барча ҳужжатлар ягона рақамли платформага жамланади ва н. авбатлар йўқолади. Хўш, бу нима дегани, ижтимоий карта нима, у сизнинг ҳаётингизни қандай яхшилайди ёки қўшимча енгилликлар беради?

Барака ижтимоий картаси нима?
Ижтимоий карта бу — банк картангиз ва шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, шунингдек, транспорт картаси, ногиронликни белгиловчи ҳужжат, талаба гувоҳномаси вазифаларини бажаради. Уни паспорт ёки ИД картангизга ўхшаб ўзингиз билан олиб юрсангиз ва бир вақтнинг ўзида карта билан савдо ҳам қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, карта шахснинг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳолининг бир ёки бир нечта тоифаларига мансублигини кўрсатади. Худди шу картага эса Барака номи берилган, яъни Барака картаси Ўзбекистонда ягона ижтимоий карта ҳисобланади. Барака картаси Барака мобил иловасини ўз ичига олади. Ижтимоий карта Барака мобил иловасига бириктирилади ва у орқали бошқарилади.

Фуқароларга қандай имтиёзлар беради?
Барака ижтимоий картаси орқали қуйидаги давлат хизматлари ва имтиёзларидан фойдаланиш мумкин:
– жамоат транспортида имтиёзли тарифларни ишлатиш;
– тиббий хизматлар, дорилар, протез ортопедия воситалари учун маблағ олиш;
– ижтимоий ёрдам, субсидиялар ва бошқа тўловлар автоматик тарзда карта ҳисобига ўтказилади;
– тўлов ёки имтиёз олиш пайтида карта махсус терминалга (ПОС ёки рақамли тизим) уланади ва транзакция амалга оширилади.
Хизматлар ҳақида яна батафсил маълумот берилади.

Барака иловаси ҳақида
Фуқаролар Барака мобил иловаси орқали турли тўловларни амалга оширишлари, ўз имтиёзларини аниқлаш ва уни қўллай олишлари, турли хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари, иловада рақамли ҳужжатлар бўлими ҳам бор. У ерда шахсга оид 17 турдаги ҳужжат сақланади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан тортиб, гувоҳномалар ва таълим дипломларигача иловадан топишингиз мумкин.
Иловада сақланадиган 17 турдаги рақамли ҳужжатлар тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Барака ижтимоий картаси кимларга бепул берилади?
Сизда Барака ижтимоий картаси учун ҳақ тўлайманми ёки бепул ҳам олсам бўладими деган савол пайдо бўлиши табиий. Картанинг нархи 40 минг сўм. Бироқ картани пул тўламай ҳам олиш мумкин. Фақат бунинг учун сиз қонунчилик ҳужжатларида тасдиқланган 15 тоифадаги шахслардан бири бўлишингиз керак. Қолган ҳолларда банк томонидан белгиланган миқдорни тўлагандан сўнг карта оласиз.
Барака ижтимоий картаси бепул муомалага чиқариладиган ва фойдаланиш учун тақдим этиладиган шахслар тоифаси тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Ишонч телефонига қўнғрироқ қилинг
Ижтимоий картани олиш ва фойдаланиш масалалари бўйича ИҲМАнинг “1070” қисқа рақамли телефони фаолияти йўлга қўйилган. Қўшимча маълумот олиш учун шу рақамга қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Барака картасини Барака иловаси орқали осонгина олиш мумкин
Барака картасини олиш учун аризани Барака мобил иловаси орқали жўнатишингиз мумкин. Бу энг тез ва осон йўллардан бири. Чунки бунда ишингиз осон битади. Иловани Апп сторе ёки Гоогле Плай Сторе орқали юклаб оласиз, иловадаги буйруқларни кетма-кет бажарасиз, шахсингизни тасдиқловчи маълумотларингизни киритасиз ва Барака картасига эга бўласиз. Бундан ташқари, картага “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Халқ банки ёки Алоқабанк орқали ҳам буюртма беришингиз мумкин.
Ариза тасдиқлангач, картани Халқ банки ёки Алоқабанкдан олишингиз мумкин. Картани жисмоний шаклда ҳам, электрон кўринишда ҳам ишлатиш мумкин. Ҳаракатга лаёқациз кишилар учун карта уйга етказиб берилади.
Батафсил маълумот бу ерда. Барака лойиҳаси сизнинг хавфсизлигингиз учун қайғуради
Давлат органлари картанинг ишлатилишини реал вақт режимида кузатади. Фуқаролар масофадан туриб ҳам хизматларга мурожаат қилиши ва маблағни қабул қилиши мумкин.
Картанинг хавфсизлик ва махфийлиги таъминланган. Ҳар бир карта ноёб рақам билан ҳимояланган. Фақат рўйхатдан ўтган хизматлар ва имтиёзлар карта орқали олинади, бошқа маълумотлар базага киритилмайди.
Қисқача айтганда: ижтимоий карта бу – сизнинг барча ижтимоий имтиёзларингизни жамловчи, уларни электрон тарзда бошқариш ва хизматларни масофадан ёки терминал орқали олиш имконини берувчи рақамли восита.

Муҳим! Барака тизими хизматларидан барча фуқаролар, хорижий резидентлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам фойдаланиши мумкин. Жараёнлар ИҲМА томонидан назорат қилинади ва шаффофлик таъминланади.