Барака ижтимоий картангиз ва маблағларингизни қандай ҳимоялай оласиз?
06.02.2026
Ҳурматли фойдаланувчилар! Айни кунларда телефон ёки иловангизга турли ижтимоий хизматлар, банклар ёки қўллаб-қувватлаш хизматлари номидан қўнғироқлар бўлиши, линклар жўнатилиши мумкин. Улар фиирбгарлар бўлади. Фирибгарларнинг мақсади сизни турли йўллар билан ишонтириб, шахсий маълумотларингизни, СМС кодларингизни ёки пулингизни қўлга киритиш. Хўш, бундай жиноятчиларни қандай пайқашингиз мумкин, улардан қандай ҳимояланишингиз мумкин?
Биз фирибгарлик усулларини таниб олишингиз ва улардан ҳимояланишингиз бўйича амалий тавсиялар тайёрладик.
«Fishing» (сохта сайтлар ва ҳаволалар) орқали қандай алдашади?
Фирибгарлар сизга ҳақиқий сайтларга жуда ўхшаш бўлган сохта ҳаволалар юборишади. Уларнинг мақсади — сизни ўша саҳифага киритиб, паролларингиз ва карта маълумотларингизни ўғирлаш.
Улар банк ёки сервис номидан СМС юбориб, «Аккунтингиз блокланди» ёки «Ютуқни олиш учун бу ерга босинг» деб ёзишади.
Ҳавола (линк) манзилида бир-иккита ҳарф хато ёзилган бўлади (масалан, baraka.gov.uz ўрнига baraka-uz.net).
Ҳеч қачон шубҳали ҳаволаларга кирманг. Сайт манзилини браузерда ўзингиз ёзиб киринг.
«Хавфсизлик хизмати» қўнғироқлари усулидаги тузоқ
Сизга ўзини банк ёки «Барака» қўллаб-қувватлаш хизмати ходими деб таништириб қўнғироқ қилишади. «Картангиздан пул ечилмоқда, уни тўхтатиш учун СМС кодни айтинг» деб сизни қўрқитишади.
Улар сизни шошилтиради, стресс ҳолатига туширади ва махфий кодни сўрайди. Бундай пайтда суҳбатни дарҳол тўхтатинг! Унутманг: Ҳақиқий ходимлар ҳеч қачон телефон орқали СМС кодни сўрамайди.
Мессенжерлардаги сохта ёрдамчилар
Телеграм ёки бошқа мессенжерларда фирибгарлар ўзини «Оператор» деб таништириб, сизга биринчи бўлиб ёзишади.
«Муаммоингизни ҳал қиламиз» ёки «Кешбекни фаоллаштириб берамиз» деб ваъда беришади. Улар сиздан карта рақами ёки иловага кириш паролини сўрашади. Фақат расмий илова ичидаги чатдан ёки расмий ботлардан фойдаланинг. Сизга биринчи бўлиб ёзган «ёрдамчи»ларга ишонманг.
«Нафақангиз тайёр», «Сизга пул жўнатилди» каби алдовчи линклар
Ҳаддан ташқари фойдали кўринган таклифлар 99% ҳолатда фирибгарлик бўлади. «Нафақангиз тайёр», «Сизга пул жўнатилди», «Сиз ютуқ ютдингиз, уни олиш учун 50 минг сўм комиссия тўланг» каби линкларни жўнатишади. Пулни ўтказишингиз билан улар ғойиб бўлади.Олдиндан тўлов талаб қилиниши ва «фақат бугун улгуриб қолинг» деб шошилтириш. Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади. Ҳеч қачон «ютуқ» учун олдиндан пул тўламанг.
Хавфсизлигингиз учун 3та олтин қоидани эслаб қолинг!
- SMS кодни ҳеч кимга берманг! Бу сизнинг уйингиз калити каби сир сақланиши керак.
- Паролларингизни мураккаб яратинг. Туғилган йилингиз ёки исмингизни пароль сифатида танламанг.
- Ҳушёр бўлинг. Агар кимдир сизни шошилтираётган бўлса, демак бу — фирибгар.
Агар маълумотларингизни фирибгарларга бериб қўйган бўлсангиз, дарҳол картангизни блокланг ва бизнинг расмий ягона алоқа марказимизга мурожаат қилинг: 1070