Welfare Category: Вояга етмаган шахсни тўла муомала лаёқатига эга деб эълон қилиш;

Хизмат учун ҳақ тўланадими?

“Инсон” маркази томонидан эмансипация бўйича қарор чиқариш ва хулоса бериш хизмати бепул амалга оширилади.

Никоҳга кирганлар ҳам эмансипация қилинадими?

Қонунга кўра, 18 ёшга тўлмасдан қонуний никоҳга кирган шахслар никоҳ қайд этилган вақтдан бошлаб автоматик равишда тўла муомалага лаёқатли ҳисобланади.

Эмансипация қилинган шахснинг мажбуриятлари ўзгарадими?

Ҳа, у ўзининг мажбуриятлари (масалан, етказилган зарар ёки қарзлар) бўйича мустақил жавобгар бўлади. Ота-оналар энди унинг ҳаракатлари учун жавоб бермайди.

Агар ота-она эмансипацияга рози бўлмаса-чи?

Ота-она ёки васийлар розилиги бўлмаган тақдирда, вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

Қарор қабул қилиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ёки ЙИДХП (my.gov.uz) орқали онлайн мурожаат қилинади.

Ариза қанча муддатда кўриб чиқилади?

Ота-оналарнинг розилиги бўлган тақдирда, васийлик органи (Инсон маркази) қарори бир иш куни давомида расмийлаштирилади.

Эмансипация учун асосий талаблар нима?

Шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлиши ёки ота-онаси (васийси) розилиги билан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлиши шарт.

Неча ёшдан эмансипация қилиш мумкин?

Эмансипация 16 ёшга тўлган вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Ушбу хизматнинг ҳуқуқий асоси нима?

ВМҚ-893 (1-илова, 6-банд “в” кичик банди) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 28-моддаси.

Эмансипация нима ва у нима беради?

Бу 18 ёшга тўлмаган шахснинг вояга етганлар каби барча фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларига (шартнома тузиш, мулкни тасарруф этиш ва ҳ.к.) эга бўлишидир.