Агар аёлнинг яшаш жойидаги марказда бўш ўрин бўлмаса, унга яқин бўлган ҳудуддаги ёки ўз хоҳишига кўра бошқа ҳудуддаги реабилитация марказига (ёки ННТ марказларига) жойлаштирилади. Бошқа вилоятга бориш йўл харажатлари марказ томонидан қопланади (24, 34-бандлар).
Марказда аёллар нималар билан таъминланади?
Бепул бошпана (ётоқ жойи), озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланади. Шунингдек, комплекс психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилади (6, 30-бандлар).
Қайси ҳолларда марказга жойлаштириш рад этилади?
• Аёл киши ўз хоҳиши билан жойлашишга розилик билдирмаганда ёки ҳимоя ордери олишни рад этганда;
• Тиббий кўрикда бошқаларга юқадиган ўткир юқумли, оғир руҳий ёки фаол босқичдаги сил касалликлари аниқланганда (бунда аввал шифохонада даволатилади) (26-банд).
Марказда (шелтерда) қанча муддатгача яшаш мумкин?
Якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастурига мувофиф 6 ой муддатгача вақтинча яшаш (бошпана) таъминланади (6-банд).
Хизматдан қандай фойдаланиш мумкин ва у қаерда жойлашган?
Аризангиз ва розилигингиз асосида “Инсон” марказлари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари ҳамкорлигида амалга оширилади. Ички ишлар органлари хизмат кўрсатиш белгиланган куни аёлни ва унинг болаларини марказга ўзи олиб бориб жойлаштиради (27-банд).
Марказга (шелтерга) жойлашиш учун асосий шарт нима?
Муҳим шарт: Ҳудудий реабилитация марказларига чуқурлаштирилган ёрдам учун жойлаштиришда аёлга ҳимоя ордери расмийлаштирилган бўлиши лозим (18-банд).
Karakalpak