Мурожаат қандай тартибда кўриб чиқилади?

Дастлаб ижтимоий ходим оила аҳволини ўрганиб тавсиянома киритади, сўнг "Маҳалла еттилиги" коллегиал (жамоавий) тартибда овоз бериш орқали қарор қабул қилади (19-банд).

Агар жамғармада маблағ етарли бўлмаса-чи?

Агар маҳалла учун ажратилган маблағ етишмаса, ёрдам кўрсатиш кейинги ойга кечиктирилиши мумкин. Кетма-кет 3 марта кечиктирилса, тизим аризани автоматик рад этади (20-банд).

Субсидия тўлаш қачон тўхтатилади?

Ёрдам олувчи вафот этса, озодликдан маҳрум этилса, оила Ижтимоий реэстрдан чиқарилса ёки доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетса (23-банд).

Қайси ҳолатда ушбу субсидия берилмайди?

Агар фуқаро айни шу ижара харажатлари учун “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ёки бошқа давлат дастурлари орқали ёрдам олаётган бўлса, такроран ёрдам берилмайди (12-банд).

Субсидия миқдори қандай белгиланади?

Субсидия миқдори ҳудуддаги ижара бозоридаги нархлар ва фуқаронинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, "Маҳалла еттилиги" томонидан тасдиқланган миқдор доирасида белгиланади (18-банд).

Маблағлар кимнинг ҳисобига ўтказилади?

Маблағлар нақд пул кўринишида берилмайди. Улар ижара шартномаси асосида тўғридан-тўғри ижарага олувчининг пластик картасига ўтказиб берилади (21-банд).

Ижара субсидиясини расмийлаштириш муддати қанча?

Мурожаат тушган кундан бошлаб ижтимоий ходим томонидан ўрганиш ва "Маҳалла еттилиги" томонидан якуний қарор қабул қилиниши 10 иш куни ичида амалга оширилади.

Кимлар ижара субсидиясини олиш ҳуқуқига эга?

Ўта оғир ижтимоий аҳволдаги, яшаш учун уй-жойи бўлмаган ёки уй-жойи яшаш учун мутлақо яроқсиз бўлган, ижтимоий ходим томонидан кейс-менежмент асосида муҳтож деб топилган шахслар (4-5-бандлар).