
Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»
11 550 000 сўм
ПҚ-299, 29.06.2022 й.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими
| Пакет кимларга тайинланади?
Ижтимоий мослашувга кўмаклашиш учун тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга оширишни молиялаштириш мақсадида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга. |
| Қаерга мурожаат қилинади?
Пакет олиш истагида бўлган шахслар жазони ўтаб бўлганидан кейин уч ой муддатда ўз хоҳишига кўра Ички ишлар органлари пробация хизматига ариза тақдим этади. |
| Ариза топширишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Аризага тадбиркорлик, меъморчилик ёки ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳа, ёрдам пулини олиш йўналиши, қайси мақсадларда сарфланиши ҳамда лойиҳа натижаси бўйича кутилаётган тахминий даромад ҳақида маълумот илова қилинади. |
| Ички ишлар органлари пробация хизмати ходимлари юқоридаги ҳужжатлар билан қандай ишлайди?
Ички ишлар органлари пробация хизмати 3 иш куни мобайнида аризани Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияга киритади. Идоралараро комиссияга туман (шаҳар) ҳокими раислик қилади. Шунингдек, пробация хизмати Идоралараро комиссия раиси томонидан лойиҳани молиялаштириш юзасидан хулоса тасдиқлангандан сўнг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритади. |
| Аризани ким кўриб чиқади ва қарор қандай қабул қилинади?
Ариза Идоралараро комиссия томонидан ўрганиб чиқилади. Лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги юзасидан хулосани тайёрлаш қуйидаги мезонларга асосланади: 1) бошламоқчи бўлган тадбиркорлик, меъморчилик ёки ҳунармандчилик фаолиятининг натижадорлиги ва даромадли эканлиги; 2) маҳалла фуқаролар йиғинининг ижобий тавсияси; 3) кам таъминланган ёки ёлғизлиги; 4) қарамоғида ногиронлиги бўлган ёки вояга етмаган фарзанди борлиги; 5) кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзанди борлиги ва моддий кўмакка муҳтожлиги; 6) нотурар жойларда истиқомат қилаётганлиги. |
| Пакетни тайинлаш рад этилганда нима қилса бўлади?
Идоралараро комиссия кўмак олувчилар лойиҳасини молиялаштириш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан хулосага келганда, кўмак олувчиларга тақдим этилган лойиҳани такомиллаштириш ёки янги лойиҳа тақдим этиш бўйича тавсиялар беради. Кўмак олувчилар уч ой муддатда Идоралараро комиссиянинг тавсиялари асосида дастлабки тақдим этилган лойиҳани такомиллаштирган ҳолда ёки янги лойиҳани тақдим этиши мумкин. |
| Нафақа тўловлари қачон ва қаерда амалга оширилади?
Пакет тайинланганлиги ҳақида кўмак олувчининг мобил телефон рақамига хабар юборилади. АТ «Халқ банки» бўлими (филиали) томонидан пакет тўлови ойнинг 4-санасидан 27-санасига қадар амалга оширилади. |