Baraka иловаси тўлиқ янгиланди: янги дизайн, заиф кўрувчилар учун йирик ҳарфлар, иш топиш платформаси ва бошқалар

Baraka иловаси тўлиқ янгиланди: янги дизайн, заиф кўрувчилар учун йирик ҳарфлар, иш топиш платформаси ва бошқалар

Иловани қайтадан дизайн қилдик: заиф кўрувчилар учун йирик ҳарфлар, иш топиш платформаси, Tez QR, карта чиқарилиш жараёнини кузатиш, кирим-чиқим ҳисоботини кўриш, ATTO QR билан интеграция каби муҳим имкониятлар қўшдик. Бундан ташқари, энди иловани Huawei AppGallery платформасидан ҳам юклаб олишингиз мумкин бўлди.

Янгиланишдаги асосий имконият ва хизматлар билан қуйида танишишингиз мумкин.


Янгиланган дизайн ва интерфейс

Илова интерфейси тўлиқ қайта ишлаб чиқилди. Асосий экран энди икки асосий бўлимдан иборат бўлади.

  • Молиявий: баланс, карталар рўйхати, транзакциялар тарихи ва тўловларга тезкор кириш тугмаларини (тўловлар, ўтказмалар ва QR код) бир жойга жамлайди.
  • Ижтимоий: тўловлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотлар, аризалар топшириш ҳамда уларнинг мақомини кузатиш функцияларини ўз ичига олади.

Бундай ажратиш фойдаланувчиларнинг умумий рўйхатдан керакли функцияларни узоқ қидириб вақт сарфлашининг олдини олади. Бундан ташқари, «Махсус имкониятлар» бўлимида «Заиф кўрувчилар режими» пайдо бўлади. Ушбу режим орқали матн ҳажмини, контрастни ҳамда ёруғ/қоронғи мавзуни олдиндан кўриш ойнасида созлаш мумкин. Янги параметрлар кўриш қобилияти чекланган инсонларга Baraka иловасидан қулай фойдаланишга ёрдам беради.


Харажатлар ва даромадлар таҳлили

Асосий экрандаги «Молиявий» бўлимида даромад ва чиқимларингизни назорат қила оласиз. Сизга ўтказилган барча ижтимоий тўловлар, ойлик ва бошқа даромадлар, амалга оширилган харажатлар тоифаларга бўлинган ҳолда кўринади.


Ижтимоий тўловларингиз ҳақида пуш-билдиришномалар

Янги билдиришномалар маркази тизим хабарларини реал вақтда тўғридан-тўғри телефонингизга етказади. Ижтимоий тўловларингиз тушиши ва бошқа муҳим эълонлардан дарҳол хабардор бўласиз.


ATTO QR орқали транспорт учун тўлов

Энди жамоат транспорти учун тўғридан-тўғри Baraka иловасида ATTO QR коди орқали ҳам йўл ҳақи тўлашингиз мумкин:

Автобус ва метрода сканерлаш: автобуслар ва метро бекатларидаги статик QR кодларни телефон камераси билан сканерлаб, йўл ҳақини тез тўланг.

Муҳим! QR код орқали ATTO терминалларига тўлов қилганингизда ҳеч қандай тариф амал қилмайди, жорий тартибдаги 2 500 сўмлик йўл ҳақи ечиб олинади.


Тоифани янгилаш тугмаси

Бироқ Baraka картаси билан жамоат транспортида тўлов қилганингизда ATTO тарифлари бўйича барча имтиёзлар, жумладан бошқа транспортга ўтишдаги чегирмалар ва имтиёзли тарифлар сақланиб қолади.Бунинг учун иловага транспорт тарифлари бўйича имтиёзли мақомни янгилаш тугмаси қўшилди. Агар ATTO терминаллари сизнинг имтиёзингизни инобатга олмаётган бўлса, “Карта маълумотлари” бўлимида ATTO тугмасини босинг, илова сизнинг қандай имтиёзга эга эканингизни текshiradi ва транспорт тарифи автоматик янгиланади.


Иш топиш платформаси

Аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида иловага иш ўринлари бўлими қўшилди. Фуқаролар бўш иш ўринларини қидириши, ижтимоий бандлик дастурлари талаблари билан танишиши ва аризани тўғридан-тўғри илова орқали юбориши мумкин.


Tez QR билан интеграция

Baraka тўлов тизимига миллий Tez QR стандарти интеграция қилинди. Фойдаланувчилар Ўзбекистон бўйлаб ушбу тизимга уланган савдо нуқталари, дўконлар ва хизмат кўрсатувчиларда пластик картасиз тўлов қилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, бунгача Baraka иловасига Xolis ва UzQR тўлов тизимлари интеграция қилинган эди.


Карта етказиб берилишини кузатиш

Алоқабанк ва Халқ банки томонидан чиқариладиган пластик Baraka Visa картасига буюртма берган фуқаролар энди иловада унинг етказиб берилишини кузатиши мумкин. Карта эгалари буюртмани қайта ишлаш ва чоп этишдан тортиб, ҳудудий филиалга етиб келишигача бўлган ҳар бир босқични кузатиб боради.


Энди Huawei AppGallery’да ҳам

Илова бутун мамлакат бўйлаб кўпроқ фойдаланувчилар учун қулай бўлиши мақсадида Google Play ва Apple App Store билан чекланиб қолмайди. Энди Huawei қурилмалари эгалари расмий иловани тўғридан-тўғри Huawei AppGallery орқали юклаб олиши, янгилаши ва бошқариши мумкин.