Baraka мобил иловасига янгиликлар киритдик. Иловага ижтимоий хизматлардан фойдаланиш жараёнини соддалаштириш ҳамда молиявий операцияларни қулайлаштиришга қаратилган қатор янги функциялар қўшдик.
Қуйида иловага киритилган асосий ўзгаришлар ва янги имкониятлар билан батафсил танишишингиз мумкин:
Ижтимоий хизматлар ва суғурта тизимидаги янгиликлар
Ихтиёрий ижтимоий суғурта бадаллари. Эндиликда фойдаланувчилар илова орқали нафақат ўзлари, балки бошқа шахслар (оилалар ва яқинлари) учун ҳам ихтиёрий ижтимоий суғурта бадалларини масофадан туриб тўлашлари мумкин.
Имтиёзлар бўлимининг кенгайтирилиши. Илованинг имтиёзлар бўлими орқали Давлат ижтимоий хизматларидан фойдаланиш янада осонлашди. Энди фойдаланувчилар қуйидаги хизматлар учун тўғридан-тўғри ариза юбориш имкониятига эга:
Ижтимоий реестрга киритиш ва чиқариш;
Болалар нафақасини тайинлаш.
Сунъий интеллект асосидаги ёрдамчи. Фойдаланувчиларга уларнинг эҳтиёжларига мос келадиган ижтимоий хизматларни аниқлаш ва қидиришда кўмаклашувчи сунъий интеллект тизими интеграция қилинди.
Банк карталари ва пул ўтказмалари тизимидаги қулайликлар
Baraka карталарини расмийлаштириш. Baraka картасини чиқариш (очиш) ёки уни қайта чиқариш учун тўловларни нафақат мавжуд Baraka карталари, балки миллий тўлов тизимининг Uzcard ва Humo банк карталари орқали ҳам амалга ошириш функцияси жорий этилди.
Карталар бошқаруви ва P2P ўтказмалар. Фойдаланувчилар ўзларига тегишли бўлган бир нечта банк карталарини иловага бириктиришлари, улар ўртасида ўзаро (P2P) пул ўтказмаларини бажаришлари ҳамда Baraka карталари балансини тезкор равишда тўлдиришлари мумкин.
Шаффофлик ва хавфсизлик. Картадан-картага амалга оширилган пул ўтказмалари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хатоликларнинг олдини олиш мақсадида, эндиликда электрон чекларда (квитанцияларда) жўнатувчи ва қабул қилувчининг исми-шарифи ҳамда тегишли маълумотлари тўлиқ акс эттирилади.
Baraka жамоаси илова функционалини доимий равишда такомиллаштириш ва фойдаланувчилар учун хавфсиз ҳамда замонавий рақамли хизматларни тақдим этиш устида ишлашда давом этади.
Юқорида қайд этилган барча янги имкониятлар ва қулайликлардан фойдаланиш учун мобил иловани Google Play ёки App Store орқали янгиланг. [Иловани юклаб олиш]